+998 79 223 42 15

Музокаралар амалий босқичга ўтди

2 дақиқа 2 539 кўришлар

Жорий йилнинг 3–8-май кунлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва унинг Навоий бўлимига «Сзиншен» Шинжон энергетика технологияларини ривожлантириш компанияси» МЧЖ бошқаруви раиси Шао Фенсин бошчилигидаги саккиз кишилик хитойлик делегация ташриф буюрди. Ушбу ташриф жорий йилнинг 18-мартида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев ва Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновлар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиш мақсадида амалга оширилган жавоб ташрифи бўлди.

Меҳмонлар орасида, шунингдек, «Юни-Тренд» Ханчжоу тармоқ технологиялари компанияси» МЧЖ, «Чжетсзян Сзянке» архитектура лойиҳалаш институти» МЧЖ раҳбарияти ва ходимлари ҳамда Хебей автомобил ассоциацияси вакиллари ҳам бор эди.

Ташрифнинг дастлабки кунларида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов раҳбарлигида ва вице-президент Шахлохон Турдикулова иштирокида ўтказилган музокараларда икки томонлама илмий-инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, илмий тадқиқотлар самарадорлиги ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар. Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон томонидан Фанлар академияси Навоий бўлими иштирокида «Илм-фан, савдо ва инвестициялар интеграцияси» халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Навоий шаҳрида вилоят ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров бошчилигида вилоят ҳокимлигида музокаралар бўлиб ўтди. Хитойлик тадбиркорлар қуёш электр стансияларини қуриш ва кичик ветрогенераторларни ўрнатиш, халқаро логистика марказини ташкил этиш, «Иу модели» асосидаги савдо-улгуржи бозорлари ва рақамли савдо платформасини яратиш, автомобил бутловчи қисмларини йиғиш заводи ҳамда оптик толали маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш, шунингдек, Хитой профессионал университетини очиш каби лойиҳаларга инвестиция киритиш истагини билдирдилар. Вилоят маъмурияти, ўз навбатида, бу борада ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади.

Шу каби музокаралар «Навоий» ЭИЗ ҳудудида шароитларни бевосита ўрганиш билан «Навоий» ЭИЗ дирексияси» АЖ директори Меҳрож Ботиров раҳбарлигида давом эттирилди. Дирексия ва юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш учун янги ташкил этилган «ЖИНГЧЕНГ ГУО ЖИ ҲЕ ЗУО ЗҲОНГ ХИН» ХК МЧЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатни расмийлаштириш орқали томонлар Хитой инвестиция паркини ташкил этиш ниятини тасдиқладилар. Шу билан бирга, ҳар икки томон лойиҳаларни амалга оширишнинг илмий асосланиши ва илмий ёндашув масалаларида Фанлар академиясининг Навоий бўлими билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олдилар. Бунда бўлим Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари ходимларини жалб қилиш ҳуқуқига эга экани алоҳида таъкидланди.

Ташрифнинг сўнгги кунида Навоий бўлими «Чжетсзян Сзянке» архитектура лойиҳалаш институти» МЧЖ ва «Чжетсзян Хуачжуан Дизайн» МЧЖ билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади. Ҳамкорлик халқ хўжалигининг турли соҳаларига рақамли технологияларни жорий этишни кўзда тутади.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими