2024-йил 12-декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-430-сонли Қарори қабул қилинди. Фанлар академияси Навоий бўлимида мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлашга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қарор доирасида ўтган йилдан буён вилоятнинг шаҳар ва туманларига таркибига Бўлимнинг тажрибали олимлари ва геологлари, шунингдек, Навоий олий таълим муассасаларининг соҳа мутахассислари кирган экспертлар гуруҳи бириктирилди. Уларнинг асосий вазифаси — геологик тадқиқотларни чуқурлаштириш, минтақанинг минерал-хомашё базасини кенгайтириш ва соҳага инновацияларни жорий этишдан иборат.
Геология ва тоғ-кончилик соҳасидаги илмий ходимлар ҳамда докторантлардан ташкил топган кичик ишчи гуруҳ Бўлим раиси Абдуразак Мирзаев раҳбарлигида бевосита жойларда тадқиқотлар ўтказиш учун обектларга мунтазам равишда чиқиб бормоқда.

Хусусан, шу йилнинг май ойида ушбу гуруҳ аъзолари Хитойдан ташриф буюрган потенсиал инвесторлар билан биргаликда Марказий Қизилкумдаги Аминзатов-Белтав маъданли туманининг бир қисми бўлган “Белтав” майдонида геологик дала экспедициясида иштирок этдилар. Экспедиция давомида намуналар олиниб, уларнинг бирламчи лаборатория таҳлили таркибида қимматбаҳо минераллар, жумладан, олтин ва кумуш мавжудлигини тасдиқлади.
“Э-ауксион” платформаси орқали ўтказилган очиқ онлайн ауксион савдоларида, бошқа иштирокчилар билан тенг шароитларда, “Белтав” майдонининг участкаларидан бирида батафсил геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳуқуқини берувчи лицензияни “Whale Тҳинк Осиё Инвестмент” ХК Мчж қўлга киритди.

2-3-июн кунлари Фанлар академияси Навоий бўлимида мазкур хорижий корхона вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди. Унда инвесторлар лойиҳани илмий кузатиб бориш учун Бўлим геологларини жалб этиш истагини билдирдилар. Бундан ташқари, томонлар қўшма комплекс геология-қидирув лабораториясини ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Ушбу кенг кўламли лойиҳа академик илм-фан ва хорижий инвестицияларни ўзида бирлаштиради. Чет эллик ҳамкорлар марказни молиялаштириш ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозлашни тўлиқ ўз зиммаларига оладилар, юртимиз олимлари эса лойиҳанинг кучли илмий-услубий таъминотини кафолатлайдилар.
Янги лабораториянинг ишга туширилиши тоғ жинслари ва минералларни қатъий халқаро стандартлар асосида юқори аниқликда таҳлил қилиш имконини беради, бу эса ҳудуддаги геология-қидирув ишлари самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Марказ янги авлод маҳаллий кадрлари - ёш олимлар, муҳандислар ва докторантларни тайёрлаш учун ноёб амалий базага айланиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, компания вакиллари Ўзбекистонлик мутахассисларни тажриба алмашиш ва илғор технологияларни ўзлаштириш учун яқин ойларда Хитойдаги шу каби лабораторияларга ташриф буюришга таклиф қилдилар.

Режалаштирилаётган лаборатория - бу шунчаки бугунги кун вазифаларининг ечими эмас, балки келажак учун мустаҳкам пойдевордир. Лойиҳа нафақат Навоий вилояти, балки умуман Ўзбекистон тоғ-кон саноатини модернизация қилиш учун ишончли илмий-технологик асос яратади. Бу эса янги кашфиётларга йўл очиш билан бирга, яқин ва узоқ хориж давлатларидаги ҳамкасбларга тегишли лаборатория таҳлилларини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш имкониятларини ҳам тақдим этади.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.