+998 79 223 42 15

Локализация учун мустаҳкам пойдевор

2 дақиқа 1 915 кўришлар

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимига «Чина Хинжианг Карамай Боао Индустрй & Траде Co., Лтд.» компанияси ижрочи директори Чжан Пин бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегацияси ташриф буюрди. Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, қўшма илмий-ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдилар. Музокараларда Ўзбекистон томонидан Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев, раис ўринбосари Қувондиқ Нурбоев ва илмий ходимлар иштирок этдилар.

Хитой компанияси бурғилаш эритмалари учун реагентлар ишлаб чиқаришга иҳтисослашган бўлиб, ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳудудидаги кончилик соҳасида фаолият юритаётган қўшма корхоналарни ушбу маҳсулот билан таъминлаб келмоқда. Бироқ, барча компонентларнинг тўлиқ импортга қарамлиги тайёр маҳсулот таннархини сезиларли даражада ошириб юбормоқда.

Ушбу масаланинг ечими сифатида Хитой томони Фанлар академияси Навоий бўлими билан маҳаллий хомашё, хусусан, бентонитни қидириб топиш ва амалиётга жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди. Ҳамкорлик режасида юқори сифатли бурғилаш эритмаларини олиш учун маҳаллий хомашёни Хитой реагентлари билан аралаштириш бўйича лаборатория синовларини ўтказиш кўзда тутилган. Тажрибалар муваффақиятли якунланса, ҳамкорлар маҳсулотни нафақат ички бозорга етказиб беришни, балки экспорт қилишни ҳам режалаштирмоқдалар.

Ушбу ташаббус Навоий бўлимининг хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда илмий ишланмаларни иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш борасидаги асосий вазифаларидан бирини узвий тўлдиради. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Навоий бўлими илмий ходимлари томонидан маҳаллий конлардаги бентонит ва доломитларнинг кимёвий таркиби ҳамда физик-механик хусусиятларини ўрганиш, шунингдек, уларнинг саноат ва қишлоқ хўжалигида қўллаш имкониятларини баҳолаш бўйича бир қатор фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказилган.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик меморандумини туздилар ва амалий натижалар ҳам кўп куттириб қўймади. Ҳужжат имзоланганидан сўнг дарҳол бўлим лабораториясида маҳаллий хомашё ва Хитой реагентлари асосида бурғилаш эритмасининг тажриба-синов партияси тайёрланди. Тайёр маҳсулотни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Innoweek» халқаро кўргазмасида намойиш этиш режалаштирилган.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими