+998 79 223 42 15

Кимё саноати эътибор марказида

3 дақиқа 2 310 кўришлар

Жорий йилнинг 2-июн куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини жадал ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат раҳбари олимлар олдига бир қатор масъулиятли вазифаларни қўйди. Жойлардаги вазиятни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Шахлохон Турдикулова бошчилигидаги ишчи гуруҳ 12-июн куни Навоий вилоятига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳ таркибидан Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари — Умумий ва ноорганик кимё, Полимерлар кимёси ва физикаси, Ўсимлик моддалари кимёси, Ион-плазма ва лазер технологиялари, Материалшунослик институтлари, шунингдек, «Фан ва тараққиёт» ДМ ҳамда Тошкент кимё-технология институти раҳбарлари ва олимлари жой олди. Улар Фанлар академияси Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев раҳбарлигидаги илмий ходимлар билан биргаликда йирик ва кичик хусусий кимё корхоналарида фаолият юритаётган мутахассислар билан учрашувлар ўтказдилар.

Жумладан, Ўзбекистондаги етакчи кимё корхоналаридан бири — «Навоиязот» Ажга ташриф доирасида ишчи гуруҳ завод тарихи, бу ерда амалга оширилган ва режалаштирилаётган лойиҳалар билан танишди. Корхона бўйлаб уюштирилган экскурсия давомида меҳмонларда ишлаб чиқариш кўлами катта таассурот қолдирди. Катта ҳудуд ягона бошқарув пултидан назорат қилинади, жараёнлар автоматлаштирилган, маълумотларни таҳлил қилиш учун эса сунъий интеллект кенг жорий этилмоқда.

Мулоқот чоғида Президент видеоселектор йиғилиши иштирокчилари олдига кенг кўламли инвестиция дастурини амалга ошириш, инновацияларни жорий этиш ҳамда соҳавий илмий-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш ҳисобига Ўзбекистон кимё тармоғини хомашё йўналишидан ўз хомашёмизни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш вазифаларини қўйганлиги таъкидланди. Давлат раҳбари ушбу улкан мақсадларга эришиш учун тармоқни илмий асосланган ва замонавий ёндашувлар негизида бошқариш зарурлигини алоҳида қайд этди.

«Навоиязот» АЖ тажриба ўрганиш учун муносиб намуналардан биридир. Агар бундан 15 йиллар аввал бу ерга чиқариладиган маҳсулотнинг 85%ини минерал ўғитлар ташкил этган бўлса, бугунги кунда диверсификация ва маҳаллийлаштиришга қаратилган курс туфайли уларнинг улуши атиги 58%ни ташкил этмоқда, кейинги ўринларда эса органик кимёвий маҳсулотлар ва полимер буюмлар — тегишлича 26% ва 9%ни ташкил қилмоқда. Ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш учун қуввати 300 Мвт бўлган локал фотоэлектр стансиясини қуриш ҳамда қўшимча равишда замонавий ҳавони ажратиш қурилмасини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда, Навоий кимё технопарки фаолият юрритмоқда.

Корхона босқичма-босқич модернизация қилинмоқда, бироқ ишлаб чиқаришда ҳали ҳам кейинги ўрганишларни талаб қиладиган вазифалар мавжуд. Энергия истеъмоли юқори бўлган технологик паркнинг бир қисмини янгилаш заруриятини шулар жумласига киритиш мумкин, зеро бу ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархига таъсир кўрсатади, истеъмолчи учун эса нарх энг муҳим кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда. Етказиб бериш бозорини кенгайтириш учун технологияни шундай такомиллаштириш керакки, юқори сифат сақлаб қолинган ҳолда нархнинг максимал даражадаги рақобатбардошлиги таъминлаш лозим. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш занжиридаги асосий хомашё турларидан бири бўлиб табиий газ қолмоқда. Муқобил вариантларни излаб топиш ҳам энг муҳим амалий вазифа ҳисобланади.

Музокараларда «Навоиязот» АЖ муҳандислари ушбу масалаларни ўртага ташладилар ва олимлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини таъкидладилар. Олимлар, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчиларни мавжуд салоҳият билан таништирдилар ва уларга истиқболли ишланмаларни тақдим этдилар. Улар орасида — металл конструксияларга коррозияга бардошли полимер қоплама суртишнинг инновацион усули, оқова сувларни тозалаш учун графен асосидаги филтр ва бошқа лойиҳалар мавжуд.

Учрашув якунида томонлар ушбу мулоқот келгуси ҳамкорликни кенгайтириш учун ўзига хос пойдевор бўлганини эътироф этдилар.

Сўнгра ишчи гуруҳ Навоий вилояти ҳокимлигига йўл олди ва у ерда хусусий кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан «давра суҳбати» бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров бошчилигида ўтган суҳбатда илмий муассасаларнинг нафақат кимё йўналишидаги, балки уларнинг фаолияти учун ер қаъридан хомашё қазиб олувчи бошқа хусусий корхоналар билан ҳам ишлаши муҳимлиги таъкидланди.

Тадбиркорлар бундай учрашувларни тез-тез ўтказиб туриш зарурлигини, олимлар билан алоқаларни йўлга қўйиш эса ишлаб чиқаришда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан кўра билиш ва уларни пайдо бўлгунга қадар бартараф этишга ёрдам беришини қайд этдилар.

Фақатгина олимлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг ишончли тандеми, билим ва тажриба симбиози нафақат соҳанинг, балки умуман мамлакатнинг янада ривожланишига, шунингдек, фуқаролар фаровонлигини оширишга, республиканинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими