2026-йил 3-июлдан 10-июлгача Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар “Ҳунан Ченхи Жинтуо Мининг Co., Лтд” кончилик компаниясининг таклифига биноан Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Хусусан, 4-июл куни таклиф этувчи компаниянинг Чангша шаҳридаги бош офисида музокаралар бўлиб ўтди. Бош директор Венбин Се берган маълумотга кўра, мазкур корхона ҳам Фанлар академияси Навоий бўлими каби 2017-йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган йиллар давомида Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг 10 га яқин мамлакатида бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширган. Фаолиятнинг асосий йўналиши — маъданли ва номаъданли фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлашдан иборат. Шунга қарамай, “Ҳунан Ченхи Жинтуо Мининг Co., Лтд” кўп тармоқли компания ҳисобланиб, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экология соҳаларида ҳам лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда.


Шунингдек, у ташкил этилаётган ишлаб чиқариш обектлари атрофида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириб, экологик жиҳатларга алоҳида эътибор қаратади: хусусан, тоғ-кон ишлари якунлангач, ерларни рекултивация қилиш (тиклаш) ишларини амалга оширади.
Музокаралар давомида томонлар Навоий бўлими ҳузурида мобил геология-қидирув отряди ҳамда тоғ жинсларининг физик ва кимёвий хусусиятларини аниқлаш учун тезкор таҳлилларни ўтказиш имкониятига эга геологик лаборатория ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, лаборантларни ўқитиш ва илмий ходимлар ўртасида тажриба алмашиш бўйича қўшма курсларни ташкил этишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида томонлар ўртасида тегишли Ҳамкорлик келишуви имзоланди.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.