+998 79 223 42 15

Устоз ва меҳнат фахрийлари ўз тажрибаси билан ўртоқлашдилар

2 дақиқа 3 481 кўришлар

Инсоният тарихидан ма'лумки, одамлар азал азалдан жамоа бўлиб яшашга интилиши асосида жамият вужудга келган. Улар ҳамжиҳатликда турмуш қийинчиликларини осон бартараф этиб, оғир вазиятларда бир бирларига кўмакдош бўлишган. Шарқ мутафаккирлари томонидан жамиятга ва ундаги ижтимоий муносабатлар ривожи борасида қимматли та'лимотлар яратилган бўлиб, мазкур та'лимотлар мазмун моҳиятида инсонлар бирлашуви ва ушбу жараённинг ривожланиш босқичлари шахснинг руҳий-ма'навий эҳтиёжлари натижасида амалга ошиши устувор ғоя сифатида э'тироф этилади. Шунга асосланиб та'кидлаш мумкинки, Шарқда инсонларга меҳр-оқибатли бўлиш, хайр-саховат кўрсатиш тамойили барча даврларда устуворлик касб этиб келган. Қадимий муқаддас китобимиз “Авесто”да ўз ифодасини топган “эзгу сўз, эзгу фикр, эзгу амал” қоидалари бугунги кунда фаолият юритаётган жамоат ташкилотларининг асосий мақсадларига айланган.

Шу аснода, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг раиси профессор А.Мирзаев ташаббуси билан Бўлим ёш олимларини миллий руҳда тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат туйғусини ривожлантириш, ўз билимларини мунтазам ошириб бориш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиш каби фазилатларни шакллантиришга кўмак бериш мақсадида ташкил этилган “Устоз олимлар ва меҳнат фахрийлари маслаҳатхонаси” фаолияти такомиллашиб бормоқда.

Яқинда бўлиб ўтган давра суҳбатида Навоий вилоятида ўзининг фидоийлиги, самарали ва узоқ йиллик меҳнати ҳамда касбий маҳорати билан мамлакатимиз илм-фан, ишлаб чиқариш ва халқ хўжалигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган меҳнат фахрийлари иштирок этишди. Мамлакатимизда инновасион тафаккур ва яратувчанлик муҳитини шакллантириш борасида олиб борилаётган чуқур ислоҳатлар жараёнида устозларнинг фаоллигини ошириш мақсадида маслаҳатхонанинг 2021 “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда нафақада бўлган илм-фан, ишлаб чиқариш саноати ва қишлоқ хўжалиги ходимларидан Ҳ.Шарипов, Н.Тураева ва Н.Ҳамидовалар ўз илмий ва ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб ёшларни билими ва касбий маҳоратини ўстириш учун устида мунтазам ишлашга, рус ва инглиз тилларини чуқур ўрганиш йўлларини ва илмий фаолиятлари давомида фаол қўллашларига оид тавсияларини билдирди.

Давра суҳбатида Маслаҳатхона мас'ул ходими М.Юлдошева юқоридаги фикр мулоҳазалар асосида устоз олимлар, меҳнат фахрийлари билими, тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун “Коучинг курслар”ни ташкил этишни таклиф қилди ва тадбир иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими