+998 79 223 42 15

Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига йўналтирилган Фанлар академияси Навоий бўлими ва "Агро-парвоз" кўп тармоқли авиасия ишлаб чиқариш корхонаси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари

5 дақиқа 3 574 кўришлар

Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари томонидан 2018 йилдан бошлаб, бентонит гилларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишнинг инновасион усуллари ишлаб чиқилиб, ғаллачиликда, пахтада ва сабзавот экинларида кенг қўлланиб келинмоқда. Бунда, олимларимиз буғдой уруғларини ва пахта чигитини бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экилиши ҳисобига, ўсимликларнинг сувга бўлган талаби, тупроқдаги намликни бентонит гилларининг сорбентлик хусусияти натижасида ўзига жамлаши ҳисобига қониқтирилиши оқибатида "стресс"сиз кўкариб чиқиши, ниҳолнинг бақувват бўлиб ўсиши ҳамда ҳосилдорликнинг 10-15% ошишини республикамизнинг турли вилоятлари экин майдонларида ўтказилган тажриба-синовлари билан исботладилар.

Бундан ташқари, Навоий бўлими олимлари яна бир инновасион усул сифатида экинларни баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг 2%лик суспензиясидан фойдаланиш ҳам ҳосилдорликнинг 15-20% ошишини тажриба-синовларда исботладилар.

Бунда, бентонит суспензиясидан тайёрланган суюқликнинг барг устида ҳосил қиладиган юпқа қобиқ ўсимликдаги микрокапиллярлардан сув заррачаларининг парланишига тўсқинлик қилиши, ўғитнинг максимал ўзлаштирилишига ҳамда ўсимликнинг сувга бўлган талабини кундузи ва кечаси ўртасидаги температура тафовути ҳисобидан ҳосил бўладиган шудринг кўринишидаги атмосферадаги сув заррачаларининг бентонит орқали баргга сингдирилишига имкон бериши ҳисобига самарали эканлиги кузатилди.

Навоий бўлими олимларининг ушбу инновасион усулларини қишлоқ хўжалигида кенг қўллаш юқори иқтисодий самаралар бериши билан аҳамиятлидир.

Фанлар академияси Навоий бўлими ва "Агро-парвоз" кўп тармоқли авиасия ишлаб чиқариш корхонаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик, Бўлим олимларининг ушбу инновасион усулларини қишлоқ хўжалигида янада кенг қўллашга имкон беради.

Бунда, чўл-яйлов озуқа ўсимликлари плантасияларини ташкил этишда, саксаул, чўғон, изен ва бошқа чўл иқлимига мослашган ўсимликлар уруғларини бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экишни ҳамкорликда ташкиллаштириш режалаштирилмоқда. Кўпгина чўл ўсимликларининг уруғлари, табиат инжиқликларига мос равишда кенг майдонларга шамол ёрдамида тарқалишга қулай бўлиши учун енгил ва қанотли ёки тукли бўлишади. Ушбу уруғларни бентонит гиллари кукунлари билан қобиқлаб Мотодел'тапланлар билан экиш, юқори самара беради, бунда, юқоридан қумли тупроқга тушадиган уруғлар қобиқлаш натижасида эга бўлган оғирлиги ҳисобига қумга 0,5-1см чуқур кириб, жойлашади, ер юзасида қолганларини ҳам чўлда эсадиган шамоллар кичик ёриқлар, чуқурчаларга юмалатиб киритиб, устини қум заррачалари билан ёпади.

Уруғ устидаги қобиқ кўринишидаги бентонит эса тупроқ ва қумдаги намни ўзига сўриб олиб, уруғни зарур намлик билан та'минлайди, бу жараён айниқса қумли тупроқларда самарали бўлади. Қумли тупроқларда ғоваклик даражаси юқори бўлгани учун, бу ерда кундузи ва кечаси ўртасидаги температура тафовути ҳисобидан ҳосил бўладиган шудринг кўринишидаги атмосферадаги сув заррачаларидан пайдо бўладиган намлик мавжуд ғовакликлар ҳисобига яққол намоён бўлади.

Чўл худудларида яшовчи аҳоли айниқса табиатнинг ушбу мўжизасидан унумли фойдаланишади, я'ни қумли жойларда чуқурчалар ковлашиб, тонг пайтида атмосферадаги намликдан сув томчиларини йиғиб олишадилар. Чўл худудларидаги сардобаларда сувларнинг йиғилишида ҳам ушбу механизм ишлайди, бунда, албатта табиатнинг, я'ни иқлимнинг турли хил параметрлари, шамол йўналиши ва бошқалар ҳисобга олиниши керак.

Навоий вилоятининг Қизилқум чўлларида 9 миллион гектарга яқин яйловлар бўлиб, ўтган асрнинг 70-йилларида вилоятнинг Нурота туманида яйловларида Австралия ва Ғарб мамлакатлари чорвачилигида кенг тарқалган "загонлар" типидаги яйловларини ташкил этиш тажрибаси амалга оширилган эди. Ўша пайтларда, бу усул бизнинг иқлим шароитимизда самара бермаганлиги учун, загонлар кейинчалик тугатилиб кетган эди. Ўтган, яқин 45-50 йиллар давомида Ўзбекистон иқлимида кескин ўзгаришлар юзага келиб, ҳозирда ёз ёмғирлари ҳеч кимни ажаблантирмаяпти. Навоий бўлими олимлари бундан 45-50 йиллар олдин юртимизга олиб келинган яйловлардан загонларга бўлиб фойдаланиш усулини қайта тиклаш ва яйлов қорамолчилигида синаб кўриш таклифини ишлаб чиқдилар.

Бунда, яйловлар 100 гектарлик майдонларга бўлинади ва қорамолларни навбатма-навбат боқиш режалаштирилади, моллар боқилиб фойдаланилган яйловлар мотдел'тапланлар ёрдамида бентонит гиллари суспензиясида тайёрланган ўғитлар, тез ўстирувчи стимуляторлар билан ёмғирлатиб, ҳар 10 кунда бир ойда уч марта сепилади. Албатта, бунда энг самарали ўғитлар ресептурасини топиш учун тажриб-синовларни ҳар хил ўғитлар ва миқёсларда олиб бориш керак бўлади.

Навоий бўлими ва "Агро-парвоз" кўп тармоқли авиасия ишлаб чиқариш корхонаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни геология ва кончилик ишларида ҳам самарали ташкил этиш мумкин. Бунда, Мотодел'тапланга ўрнатилган замонавий хар хил аэротасвирга олишга мўлжалланган, тоғ жинсларининг физикавий, кимёвий хоссаларидан келиб чиқиб, улардан тарқаладиган нурланишларни таҳлил қилиш орқали, ҳудудлардаги геологик структураларни ҳамда фойдали компонентларнинг тарқалиш ореолларини аниқлаш имкониятлари яратилади.

Бу эса, ҳудудларда олиб бориладиган геологик тадқиқотларни яна самарали олиб боришга ва фойдали қазилмаларни тарқалиш чегараларини тахминан бўлсада аниқлашга ҳамда янги конларни башоратлашга имкон беради.

Энди, мотодел'тапландан фойдаланишнинг афзалликлари ва иқтисодий самарадорлиги тўғрисидаги ҳамда мотодел'тапланнинг ба'зи муҳим техник параметрларига тўхталиб ўтамиз.

1. Мотодел'таплан - 0,70 метрдан - 3500 метргача юқориликда учиши мумкин, бундан учувчидан ташқари 100 килограммгача юкни кўтариши мумкин.

2. Мотодел'тапланнинг хавфсиз учиши учун, очиқ ҳаво, ён томондан эсадиган шамол тезлиги 5-6 м/сек дан ошмаслиги керак. Шунинг учун ёз кунлари куннинг эрталаб соат 4:30 дан 8:30 гача, ва 17:30 дан 20:30 гача шамол бўлмаган пайтда учиш тавсия қилинади. Бунда, шамолнинг йўналиши ва тезлигини ҳисобга олган ҳолда об-ҳавонинг учиш хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб бергандагина мотодел'тапланнинг учишига рухсат берилади.

3. Мотодел'тапланлардан электр симёғочлари, дарахтлар кам бўлган очиқ майдонларда қишлоқ хўжалик экинларига ўғитлар, биостимуляторлар билан ишлов беришда ва зараркунандаларга хусусан ўсимликлар каналарига, чигирткаларга қарши курашишда, пахтани дефолясия қилишда самарали фойдаланиш мумкин.

4. Мотодел'тапланнинг 1 кунлик иш унумдорлиги: ғаллачиликда 200 га/кун, пахтачиликда: баргидан озиқлантириш – 200 га/кун; кимёвий чеканка - 200 га/кун; биомаҳсулот (трихограмма) сепиш 2000-3000 га/кун; дефолясия 100-150 га/кун; зараркунандаларга ва чигирткаларга қарши курашиш 1000 га/кун.

5. Бундан ташқари, ғалла пайҳон бўлмаслик ҳисобига, я'ни 1 га ер майдонида тракторнинг ғилдираги остида 3,5 сотих жой пайҳон бўлса, агар ўртача ҳосил 40 сентнердан олинса, ҳар бир гектардан бир маротаба ишлов бериш натижасида 140 кг ўртача ҳосил сақлаб қолинади.

6. Мотодел'тапландан қишлоқ хўжалигида фойдаланилганда бажариладиган ишларни ОВХ-600 аппарати билан тракторда амалга оширишга нисбатан 10 марта ёки АН-2 самолётдан фойдаланилишга қараганда 20-25 маротаба кам ёқилғи сарфланиши билан ҳам иқтисодий самарадордир.

Навоий бўлими олимларининг "Агро-парвоз" кўп тармоқли авиасия ишлаб чиқариш корхонаси билан ушбу ҳамкорлиги илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг фаол интеграциясини ташкил этишга ва қишлоқ хўжалигига инновасион технологияларни олиб киришга йўналтирилган яна бир дадил қадамдир.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими