2021 йил 1 март куни Жиззах вилоятининг Бахмал тумани “Узунбулоқ” ҚФЙ ҳудудида жойлашган “БМБ-ОПЕРА ЗАФФЕРАНО” Ўзбекистон — Италия қўшма корхонасининг за'фарон плантасиясида “Республика за'фарон ўсимлиги майдонларини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш” мавзусида кўргазмали-амалий семинар ўтказилди. Ушбу тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасига ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга дахлдор мутахассислар, олимлар ва тадбиркорлар иштирок этишди.

“БМБ Траде Гроуп” компанияси жамоаси ва Бахмал туман ҳокимлиги тамонидан ташкил этилган республика миқиёсидаги семинарда Фанлар академияси Навоий бўлимидан ҳам бир гуруҳ олимлар – бўлим раиси ўринбосари Қ.Нурбоев, тегишли бўлинмалари раҳбарлари Ў.Хакимов ва Ш.Кодировалар иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 феврал' кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ишчи сафари пайтида ўтказган учрашувларида Ўзбекистон флораси доривор гиёҳларга бой эканини, хусусан, халқимиз табобатида қадим даврлардан за'фарондан кенг фойдаланиб келинганини та'кидлаган эдилар. Мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришда шифобахш за'фарон муҳим хомашё манбаи бўлиб хизмат қилишини қайд этиб, соҳа мутахассисларига бундай ўсимликлар турини кўпайтириш ва плантасияларни кенгайтириш бўйича тавсиялар берилганди.
Президентимиз яқинда бўлиб ўтган ведиоселектор йиғилишида ушбу масалага қайтиб, хотин-қизларни иш билан та'минлаш масаласида “БМБ Траде Гроуп” компанияси томонидан Жиззах вилояти Бахмал туманида амалга оширилаётган за'фарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси, за'фарон тугунак пиёзбошларини экиш, парваришлаш, йиғиб олиш ва қадоқлаш жараёнида туманнинг 8 000 дан зиёд хотин-қизлари мавсумий иш билан та'минганлигини алоҳида та'кидлаб ўтиб, республикамизнинг Зомин, Бўстонлиқ, Ургут, Китоб, Шахрисабз ва Чортоқ каби тоғолди туманларининг ҳар бирида 50 гектардан за'фарон плантасияларини барпо этиш вазифасини қўйди.
“БМБ Траде Гроуп” компаниясининг Жиззах вилояти Бахмал туманида за'фарон етиштириш бўйича амалга ошираётган ишларини ФА Навоий бўлими олимлари жойида кўриб Юртбошимиз томонидан берилган юксак баҳо бекорга эмаслигини ҳис қилдилар ва уларда ҳам шу лойиҳада иштирок этиш истаги пайдо бўлди. Шуни таъкидлаш жоизки, ФА Навоий бўлими ва “ВМВ Траде Гроуп” компанияси ўртасида 2019 йилнинг 8 ноябр куни Ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Бахмал туманининг тоғ адир ерлари за'фарон етиштириш учун жуда мос. Кузда пиёзчаларидан экилган майсалар бир хилда униб чиққан бўлиб тўлиқ агротехника асосида парваришланмоқда. Плантасия яхши қўриқланмоқда.
Семинарда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган мутахассис ва тадбиркорларга ушбу ўсимликни етиштириш агротехникаси, йиғиштириш ва қайта ишлаш бўйича тўлиқ ма'лумотлар компания олим ва мутахассислари томонидан кўргазмали материаллар билан далани ўзида ва Бахмал тумани ҳокимлиги биносида ёритилиб берилди. За'фарон ўсимлиги ФА Навоий бўлими олимларида ҳам катта қизиқиш ўйғотди, айниқса Навоий вилоятнинг тоғ олди адир ерлари ушбу ўсимликни етиштиришга мос келиши, ишчи кучининг етарли эканлиги диққатга сазовордир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, за'фарон ўсимлигини вилоятнинг Навбаҳор ва Нурота туманларида етиштириш бўйича “БМБ Траде Гроуп” компаниясининг раҳбарияти билан келишиб олинди.
Бу соҳадаги ишлар жорий йилнинг август ойидан бошланаши кўзда тутилган.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.