+998 79 223 42 15

Ҳамкорликнинг янги истиқболлари

2 дақиқа 4 086 кўришлар

Жорий йил 16-20-июл кунлари Хитой Халқ Республикасининг Синсзян-Уйғур автоном раёнида жойлашган Урумчи шаҳрида Синсзян ипак йўли кончилик саноати ҳамкорлиги форуми ва Синсзян кончилик саноати халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этди. Мазкур форумда Ўзбекистон вакиллари сифатида Фанлар академияси вице-президенти - Навоий бўлими раиси А.Мирзаев ва докторант Ш.Шарипов иштирок этишди.

Тадбирда соҳа бўйича етакчи мутахассислар ва тадбиркорлар, тоғ-кон саноатида эришилган ютуқлар ҳақида ўзаро маълумот алмашдилар, шу билан бирга, янги замонавий асбоб-ускуналар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Хитой бизнинг асосий бизнес шерикларимиздан биридир. Айниқса, сўнгги йилларда самовий империя тадбиркорлари Ўзбекистонга кўпроқ эътибор қаратмоқдалар, аммо улар чет эл инвестициялари хавфсизлигидан хавотирда. Шу сабабли форум иштирокчилари А.Мирзаевнинг маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар, унда у мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти, хорижий сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференсиялар, ушбу йўналишда қабул қилинган қонунлар ва ҳукумат ҳужжатлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Навоий бўлимининг илмий салоҳияти ва бугунги кундаги илмий ишланмалари, Ўзбекистондаги норуда фойдали қазилмалари ётқизиқлари ҳамда улар бўйича геологик қидирув ишлари олиб бориш зарурияти тўғрисида маълумот берди.

Нуфузли халқаро форумда чиқишлар оралиғида ўнлаб икки томонлама ва уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Унда етакчи Хитой компанияларининг вакиллари норуда бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, биргаликда кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорликни таклиф этдилар. Ўзбекистон томони мазкур таклифларни ўрганиб чиқмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Форум ташкилотчиларидан бири бўлган “СУАР 305 давлат дастури” лойиҳаси ижрочилари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг ушбу бўлим қошида Хитойдан киритиладиган сармоялар оқимини мувофиқлаштирувчи Ўзбек-Хитой ахборот марказини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Бу марказ келажакда потенсиал инвесторлар учун истиқболли йўналишлар бўйича энг зарур маълумотларни тақдим этади ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида воситачилик вазифасини ўтайди.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими