+998 79 223 42 15

Болгария билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

6 дақиқа 2 836 кўришлар

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимида тажриба алмашиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, турли соҳаларда илғор инновацион технологияларни жойларда жорий этиш мақсадида халқаро алоқаларни ўрнатишга катта аҳамият бериб келинмоқда. Бўлим 2017 йилда очилган бўлса, унинг алоқа ўрнатган биринчи ҳамкорлардан бири Болгария компаниялари бўлди. “Paulownia БГ” Мчжнинг бош менежери Жан Дураловнинг таклифига кўра, Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев 2024 йил июн охири – июл бошида Болгариянинг Великотйрново вилоятидаги қатор фермер хўжаликлари, корхоналар ва компанияларга ташриф буюрди ҳамда худди шу номли ҳудуд мери Даниел Панов билан учрашди.

Таъкидлаш жоизки, Навоий бўлими “Paulownia БГ” Мчж билан биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, 2022 йилдан Нурота туманида лалми ерларида павловния плантациясини яратиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўша йил март ойида Болгариядан 2000 дона павловния каламчалари ва 1000 дона кўчат олиб келинди. Уларни бепул, жумладан, транспорт харажатлари қопланган ҳолда болгар томони юборди. Апрел ойида 1 гектар майдонга ушбу тез ўсар дарахтлар ўтқазилди, шунингдек, кўчатлар питомниги ташкил этилди. Ҳозирги босқичда керакли агротеҳнологик тадбирлар ўз вақтида ўтказилмоқда.

Плантация майдонини тез орада 50 гектарга етказиш режалаштирилган. Буни амалга ошириш учун 2022-2023 йилларда Нурота туманидан 17 ёш мутахассис Болгария Республикасида павловния плантацияларида стажировка ўтди, ҳозирда у ерда янги гуруҳ - 10 кишидан иборат бўлиб, бу йил баҳорда ушбу Европа мамлакатига жўнаб кетди ва кузгача у ерда бўлади. Барча йўл, тиббий суғурта, яшаш ва озиқ-овқат харажатларини болгар томони ўз зиммасига олди. Бу масалада яна бир болгар компанияси - “Кири Девелопмент Services – ЭООД” кўмаклашди.

Жорий сафари давомида А.Мирзаев Болгарияда қатор фермер хўжаликлари ва корхоналарга ташриф буюрди ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги ҳамда гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан бир неча учрашувлар ўтказди. У Навоий бўлими томонидан ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалигида сув тежайдиган инновацион технологияларни жорий этиш имкониятини муҳокама қилди. Жумладан, у ушбу технологиялар дала синовларида ўз самарадорлигини кўрсатганини айтди. Бу қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини бентонит гили кукуни билан қобиқлаб экиш ва ўсимликларни баргидан бентонитли суспензия билан озиқлантиришдир. 2023 йилда Нурота туманида лалми ерларда ўтказилган дала синовлари натижасида буғдойнинг қўшимча ҳосили 1,5 баробар кўпроқ йиғиб олинди. Шу билан бирга, бу технологиялардан фойдаланган ҳолда нўхат етиштирилди.

Шу билан бирга, Навбаҳор туманида 225 гектар майдонда минерал ўғитлар қўшилган бентонитли суспензия билан ғўзани баргидан озиқлантириш бўйича дала синовлари ўтказилди. Натижада ушбу майдонлардан 15 дан 33,3 фоизгача қўшимча пахта ҳосили йиғиб олинди.

Лаборатория шароитида пахта уруғларини анъанавий усулда ва олдиндан қобиқлаб экилгандаги ўсиши шуни кўрсатдики, бентонит гили кукуни ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Юқоридаги маълумотларни инобатга олган ҳолда, А.Мирзаев болгар қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан ҳамкорликда мазкур инновацион технологияларнинг Европа иқлим шароитида қўлланилиши самарадорлигини илмий-амалий асослаш бўйича тажриба-синов ишлар ўтказишни таклиф қилди. Шу билан бирга, Болгарияда Ўзбекистонда етиштириладиган полиз экинлари ва бошқа ўсимликлар етиштириш технологияларини мослаштиришга ҳамда Ўзбекистон шароитида Европа қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш бўйича тажриба-синов ишларини ўтказишга келишилди.

Иштирокчилар бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Яна бир таклиф чорвачилик бўйича ҳамкорлик ўрнатиш бўлди. Ўтган йил кузида Навоий бўлими делегацияси Болгарияга сафар давомида маҳаллий “Агро Солеи ЭООД” фермер хўжалигига ташриф буюрди ва унинг раҳбари Георгий Тончев билан учрашди. Ўшанда томонлар ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Унинг фермер хўжалигига ҳам ўзбек ёш мутахассислари ҳақ тўланадиган стажировкага юборилган.

Жорий музокаралар давомида томонлар гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган йирик ва майда шохли қорамолларни селекция қилиш ва кўпайтириш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, фермерлар ва тадбиркорлар билан учрашувда Болгария Миллий виночилари уюшмаси вакиллари иштирок этдилар, улар 20 дан ортиқ бренд виноларни ишлаб чиқаради. Улар ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирдилар ва Навоий шаҳрида маҳаллий узум навларидан вино ишлаб чиқариш бўйича ўзбек-болгар қўшма корхонасини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилдилар. Болгариянинг “Sweet фруит” компанияси эса экологик тоза мевалар ва кўкатларни сақлашда уларнинг таровати йўқолмаслиги учун музлатиш технологиясини таклиф қилди ва кейинчалик Марказий Осиё бозорига чиқишни кўзда тутди. Шунингдек, асаларичиликни ривожлантириш, қўшма гулқоғозлари ва иситиш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича таклифлар тушди.

Музокаралар давомида кадрлар алмашинуви ва стажировка бўйича ҳамкорлик масаласи ҳам кўтарилди, айниқса Навоий бўлими бу йўналишда болгар шериклари билан ижобий тажрибага эга. Гап шундаки, ҳозирги вақтда Болгариянинг қишлоқ хўжалиги секторида фаол деҳқончилик учун етарлича майдонлар, техник воситалар, чорвачилик мажмуалари, ўз озуқавий базаси мавжуд, бироқ мутахассислар ва ишчи кучи етишмаяпти. Шу сабабли А.Мирзаев болгар тадбиркорлари ва фермерларининг мавжуд техник воситалари, ер ресурслари ва молиявий воситаларини жалб қилиб, Навоий олимлари томонидан ишлаб чиқилган инновацион технологияларни қўллаган ҳолда маҳаллий майдонларда экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва навоийлик мутахассислар, деҳқонлар ва чорвадорларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бундай ҳамкорлик доирасида Болгарияга ишлашга жалб қилишга режалаштирилган 50-60 мутахассис, фермер ва чорвадорларга болгар шериклари томонидан барча зарур шароитлар яратилиб, муносиб иш ҳақи тўланиши кўзда тутилган.

Бу ва бошқа юқоридаги масалалар Абдуразак Мирзаев томонидан Велико-Тйрново мери Даниел Панов билан расмий қабулда муҳокама қилинди. Болгария маъмурий бирлиги раҳбари бу ерда нафақат қишлоқ хўжалиги, балки чорвачилик, саноат ва қурилиш индустриясида ҳам 5000 мутахассис етишмаётганини, улар чет эл кадрларини, жумладан мавсумий ишлар учун ишга қабул қилишга тайёр эканлигини таъкидлади. Бироқ, бу масалада Болгарияда талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассисларни тайёрлаш, уларни тилга ўқитиш ва тегишли имтиҳонлардан ўтганидан сўнг юбориш муҳим.

Бу ерда А.Мирзаев бу масалани “Кирилл ва Мефодий” номли Великотйрново университети ўқув ишлари бўйича проректори профессор Христо Бонджолов билан муҳокама қилганини таъкидлаш жоиз. Навоий бўлими билан бу болгар олийгоҳининг ҳамкорлик меморандуми тайёрланган бўлиб, унга кўра университетнинг юқори курс талабалари мутахассисларни тайёрлаш ва уларни болгар ва рус тилларига ўқитишга кўмаклашиш учун Навоийга юбориш кўзда тутилган. Ҳужжат имзоланиш босқичида.

Шунингдек, мер билан учрашувда икки мамлакат маҳсулотларини сотиш учун савдо нуқталарини очиш истиқболлари, хусусан, болгар шаҳри Велико-Тйрновода “Навоий вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари” ўзбек бренди билан савдо уйини, Навоий шаҳрида эса “Болгария маҳсулотлари” савдо мажмуасини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон-Болгария тадбиркорлари ва ишбилармонлари клубини ташкил этиш мумкин бўлади.

Даниел Панов у Болгария шаҳарлар (жамолари) мерлари Кенгаши раиси бўлиб, Навоий вилояти билан самарали ҳамкорлик қилиш учун Болгариянинг бошқа шаҳарлар мерларини жалб қилиш имкониятига эга эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда ҳар бир мамлакатнинг туристик жозибадорлигини ошириш, ўзаро туристик оқимни кўпайтириш ҳамда меҳмонхона бизнеси ва миллий ошхона ресторанларини очиш каби хизматларни ривожлантириш бўйича ишларни йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Юқоридаги ташаббуслар маҳаллий маъмуриятлар раҳбарларининг шахсий алоқаларини ўрнатишни талаб қилади. Шунинг учун Велико-Тйрново мери Даниел Панов Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов номига хат юборди. Хатда у икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш нафақат вилоятларга, балки иккита мамлакатга ҳам фойда беришини таъкидлади. Шу мақсадда у маъмурий марказлар – Велико-Тйрново ва Навоий шаҳарларини биродар шаҳарлар этиш ва кейинчалик икки шаҳарда бир-бирининг ваколатхоналарини очишни, шунингдек шаҳарларнинг биродарликни расмийлаштириш ва икки мамлакат тадбиркорлари учун “давра суҳбати” ўтказиш мақсадида у Навоий вилояти раҳбари ва Навоий ишбилармонларини Велико-Тйрновога келишга таклиф қилди.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими