+998 79 223 42 15

Боғловчи БЎҒИН

3 дақиқа 4 335 кўришлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 июндаги қарори билан Фанлар академиясининг Навоий бўлими зиммасига юклатилган вазифалар орасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш, шунингдек, ҳудуднинг технологик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш алоҳида ўрин тутади. Ана шу вазифалар доирасида жорий йилнинг октябр' ойи ўрталарида Навоий бўлимига Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном раёнидаги Илм-фан ва техника ривожланиши стратегиялари институти раҳбарияти тиббиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида таклиф билан мурожаат қилди.

Институт, Навоий бўлими сингари, ўз ҳудудидаги илмий муассасалар ва корхоналар фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказ ҳисобланади. Шу институтга Пекин болалар шифохонасининг Шинжон филиалидан Ўзбекистонлик ҳамкорларни қўшма илмий тадқиқотларга жалб этиш ҳақида сўров келиб тушган. Лойиҳа мавзулари – «Болалардаги неврологик оғир ҳолатларни аниқлаш ва даволаш бўйича ягона тизим яратиш» ҳамда «Болаларда когнитив ривожланиш бузилишларини эрта ташхислаш ва олдини олиш тизими»дир. Бу таклиф занжир орқали Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоасига етказилди.

30 октабр куни ушбу ташкилотлар мутахассислари иштирокида онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Ҳар бир томон ўз фаолияти ва асосий йўналишлари ҳақида ма'лумот берди. Тадқиқот ташаббускори, Шинжон болалар шифохонаси директори вазифасини бажарувчи хонум Жен Сяотун, ўз муассасаси Хитойнинг шимолий-ғарбий қисмидаги етакчи тиббиёт марказларидан бири эканини та'кидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур шифохона Шинжондаги оғир ва мураккаб болалар касалликлари бўйича ал'янсга ҳамда болалар жарроҳлиги бўйича тиббиёт жамияти қўмитасига раҳбарлик қилади. Таклиф этилаётган тадқиқотлар доирасида ҳақиқий ма'лумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, эпидемиологик вазиятни ва унинг экологик омиллар билан боғлиқлигини ўрганиш, даволаш усулларини стандартлаштириш, кўп босқичли назорат тизимини яратиш ва ҳар икки мамлакат учун тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ўз навбатида, Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Фарход Курбонов муассасанинг Беларус ва Россия ҳамкасблари билан самарали ҳамкорлик тажрибасига эга эканини ва Хитой томони таклифини қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у лойиҳани кенгайтириш мақсадида Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлиги остидаги мутахассисларни ҳам жалб этишни таклиф қилди. Унинг та'кидлашича, 2024 йилда Навоий марказида болалар жарроҳлиги, травматология, ЛОР, юз-жақ жарроҳлиги ва нейрожарроҳлик йўналишларида 17 дан ортиқ юқори технологияли ва кам инвазив операциялар жорий этилган.

Томонлар болалар соғлиғи билан боғлиқ тадқиқотларнинг муҳим аҳамиятини қайд этиб, комплекс ёндашув зарурлигини та'кидладилар. Йиғилиш якунида Навоий шаҳрида тегишли тиббиёт марказини ташкил этишни назарда тутувчи қўшма халқаро лойиҳа тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди. Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев дастлабки қадам сифатида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳамда марказ яратиш нияти ҳақида келишув имзолашни таклиф қилди. Ушбу ташаббус йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Шу тариқа, Навоий бўлими ва 2023 йилда ҳамкорлик меморандумини имзолаган Хитойнинг Илм-фан ва техника ривожланиши стратегиялари институтининг ҳамжиҳат са'й-ҳаракатлари туфайли мазкур тадбирни ўтказиш имкони яратилди. Бу ҳолат машҳур «Олти қўл сиқиш назарияси»нинг амалдаги самарадорлигини яққол намоён этди. Энг муҳими, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш икки мамлакат тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга хизмат қилади, бу эса, ўз навбатида, оддий фуқаролар манфаатига бўлади.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими