+998 79 223 42 15

Таниқли геолог-олим Ҳабиб Абдуллаевни ёдга олиб

10 дақиқа 4 354 кўришлар

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими томонидан “Ўзбекистон илмий салоҳияти юксалишига салмоқли ҳисса қўшган инсон!” мавзусидаги академик Ҳабиб Абдуллаев таваллудининг 110 йиллик юбилейига бағишланган сайёр илмий-амалий семинар Навоий вилояти Хатирчи туманида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини 2022 йил 28 апрелдаги «Атоқли олимлар, маданият ва саноат соҳаси вакилларининг юбилей саналарини кенг нишонлаш ҳамда улар фаолиятини тарғиб этиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 223-сонли қарорига асосан (1–илова, 10–банди) мамлакатимизда таниқли олим, академик Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаев таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш ва унинг фаолиятини тарғиб этиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига топшириқ берилган.

Топшириқни юқори даражада бажариш мақсадида 2022 йил 27 июл куни ФА Навоий бўлими раҳбарияти, етук олимлари ва ёш илмий ходимлари, бўлим ўз фаолияти давомида ҳамкорликда меҳнат қилаётган устозлар, олимлар ва меҳнат фахрийлари ҳамда Ёш олимлар кенгаши а'золари биргаликда биринчи Ўзбек геологи – академик Ҳ.М.Абдуллаевнинг 110-йиллигига бағишланган сайёр илмий-амалий семинари Навоий вилояти Хатирчи тумани Лангар қўрғонида ўтказдилар. Шунингдек, тадбирда Ҳ.Абдуллаевнинг невараси, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси бош директори Ҳ.П.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Давлат геологияси ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти етакчи илмий ходими Х.Д.Ишбаев ва ёш олимлари, “Навоиюран” ДК бош геологи ўринбосари Б.И.Мирходжаев ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари қатнашдилар.

Тадбир бошида иштирокчилар Лангар қўрғонида геологлар шарафига ўрнатилган, маҳаллий аҳоли Ҳ.М.Абдуллаев номи билан боғлайдиган ҳайкал пойига гул қўйиб, “Лангар” МФЙ ма'мурий биносига йўл олдилар.

Бу ерда семинарнинг илмий қисми бўлиб ўтди. Жумладан, ФА Навоий бўлими раиси А.У.Мирзаев ҳамда бошқа тадбир қатнашчилари сўзга чиқиб, таниқли олим ҳаёти ва илмий кашфиётлари, ютуқлари тўғрисида айтиб бердилар.

Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев 1912 йилнинг 31 июлда Ўш шаҳрига яқин Аравон қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилган. 12 ёшида отаси вафот этган. Энди бўлажак геолог олим, давлат ва жамоат арбоби ўқиш билан бирга рўзғорни ҳам тебратиши керак эди. У дастлаб бой деҳқонларникида корандалик қилган, кейинчалик пилла қурти уруғини кўпайтирадиган заводга кириб ишлаган.

Мактабдан сўнг, Ҳ.Абдуллаев Ўрта Осиё индустрия институтини 1935 йилда имтиёзли диплом билан тугатган ва геологогия-разведка партиясида фаолиятини бошлаб, кейинчалик «Ўрта Осиё геология трести»нинг геология-қидирув дала фирқасида раҳбар бўлиб ишлаган.

1940 йилдан Ўрта Осиё индустрия институтининг фойдали қазилмалар кафедрасида досент, сўнгра шу инситутда директор, 1942 йилдан Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари, 1944 йилдан Давлат план комиссияси раиси лавозимларида ишлаган.

1946 йилда «Ўрта Осиёнинг шеэлитли скарнлари геологияси» мавзуида докторлик диссертасиясини ёқлаган. Ҳабиб Муҳаммедович 1947 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси висе-президенти этиб тайинланган.

Ҳ.Абдуллаев 1952-1955 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси техника ва геология-кимё фанлари бўлимининг раиси, 1956 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси президенти лавозимида фаолият олиб борган.

Шуни та'кидлаш жоиз-ки, Ҳабиб Муҳаммедович 1959 йилда руда пайдо бўлишининг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги соҳасидаги илмий иши учун юксак мукофот билан тақдирланган. У эндоген руда ҳосил бўлиши назариясини ривожлантирди. 130 дан ортиқ илмий асар (жумладан, 7 монография) ёзган.

Ҳ.Абдуллаев Тошкент ва Москвада нашр этилган кўпгина нуфузли илмий журналлар, тўпламлар, илмий-оммабоп нашрларнинг мас'ул муҳаррири, таҳрир ҳай'ати а'зоси эди, жумладан Ўрта Осиёда биринчи бўлиб - «Ўзбекистон геология журнали»ни ташкил этган, унинг мас'ул муҳаррири бўлган.

Ҳабиб Муҳаммедович вол'фрам, қалай, рангли ва қора металлар руда конларининг турли йўллар билан ҳосил бўлганлигини кўрсатиб берган. Етук олим, фан арбоби руда пайдо бўлиш жараёнларини магматизм ҳамда бу жараёнлар рўй берадиган геологик муҳит та'сири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини асослаб берган. Унинг бевосита иштироки ҳамда раҳбарлигида «Чатқол-Қурама тоғлари магматизми ва металлогениясининг асосий хусусиятлари» монографияси (1957), «Ўрта Осиё магматизми ва рудаланиш жараёни» асари (1960) нашр этилган.

Ҳ.Абдуллаевнинг сўнгги туркум ишларидан бири «Руда-петрография провинсиялари ва уларни таснифлаш масалалари» (1961) бўлди. Жаҳондаги барча йирик руда конлари шаклланиш хусусиятларига бағишланган «Металлогения - фойдали қазилма конларини қидириб топишнинг геологик асоси» монографияси учун 1970 йилда (вафотидан кейин) Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти берилган.

Ҳ.Абдуллаевнинг геология соҳасида олға сурган назарий фикрлари бугунги тараққий топган соҳа амалиётида ўз тасдиғини топди. У биринчи бўлиб Ўрта Осиёни алоҳида металлогеник ўзига хос провинсия сифатида мавжудлиги ҳақидаги қарашларни олға сурган. Скарнлар тузилиши, руда учрайдиган ва руда ҳосил бўладиган скарнлар мавжудлиги қайд этилди. Унининг рудаларнинг гранитоид интрузиялар билан боғлиқ равишда ҳосил бўлишига доир асарлари олимларнинг улкан ҳамжамиятида илмий мунозараларга сабаб бўлди. Асарларида конларнинг интрузияларига нисбатан узоқ-яқинлиги бўйича таснифланиши Эл-Шонснинг мавҳум батолит консепсиясидан тубдан фарқ қилади.

Ҳабиб Муҳаммедович Ўрта Осиёга доир тадқиқотларини таҳлил қилиб, кичик интрузиялар ўчоғи билан рудали жинсларнинг умумийлигини ҳамда магматизм босқичлари билан боғлиқ бўлган руда ҳосил бўлиш жараёнларининг такрорланиб туришини кўрсатиб берди. Олимнинг сўнгги асарларида ба'зи жойларда муайян типдаги магматизм ҳодисалари рўй бериши ва рудалар ҳосил бўлиши муаммолари ўрганилган.

Бетакрор ўзбек геологининг «Ўрта Осиёнинг металлогеник очерки» (1949), «Рудаланишнинг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги» (1954-1957), «Дайкалар ва рудаланиш» (1957), «Руда-петрографик провинсиялари ва уларни таснифлаш масалалари» (1961) каби асарлари жаҳонга машҳур бўлди. «Рудаланишни гранитоид интрузивлар билан генетик боғлиқлиги» асари хорижий олимлар таклифи билан немис, инглиз ва хитой тилларига таржима қилинган.

Буюк геолог, жонкуяр олим, бетакрор иқтидор соҳиби бўлган Ҳ.Абдуллаев Ўзбекистондагина эмас, балки бутун Ўрта Осиёдаги геологлари ичида, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларида ишлайдиган катта жамоани бирлаштирган илмий мактабнинг ташкилотчиси ва раҳбари бўлди. Илмий мактаб олимлари Тён-Шон тоғларидаги жинслар асосида петрология ва металлогения масалаларини ҳал қилиш соҳасида биргаликда иш олиб бордилар. Атоқли олим, жонкуяр Устоз Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геология бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди, талабчан мураббий раҳбарлигида 7 киши докторлик ва 28 киши номзодлик диссертасиясини ёқладилар.

Геология фанида жуда катта назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган петрометаллогения илмий мактаби мамлакатимизда ХХ асрнинг 50-60 йилларида Ўзбекистон Фанлар академиясида шакллана бошланган. Дастлаб бу соҳага бағишланган тадқиқотлар академик Ҳ.Абдуллаев раҳбарлигида олиб борилди ва ушбу олимнинг бир қатор асар ва мақолалари, ҳамда магматизмга оид янги ғоялари олға сурилди. Магматик тоғ жинсларни таркиби, ҳосил бўлиш шароити, ма'данлар муносабати каби янги ғоялар баён қилинди. Айниқса магматик жараён ва ма'дандорликни ўзаро генетик алоқалари ўз исботини топиб борди. Бу соҳада Ҳ.М.Абдуллаев, И.Ҳ.Ҳамробоэв ишлари алоҳида ўрин эгаллайди. Шу тарзда Ҳ.М.Абдуллаев билан И.Ҳ.Ҳамробоэвлар Ўзбекистон петрометаллогения илмий мактабига асос солдилар. Ушбу қарашлар асосида бир қатор тадқиқотлар бажарилди-ки, булар ўша вақтда геология фанида тан олинган ва ҳукмрон бўлган анча жўн ва саёз қарашларга зид бўла бошлади. Масалан, Ер қобиғини ёши, хилма-хиллиги, океанларни ёпилиши натижасида бурмаланган ўлкаларга айланиши, магматик жараёнларни бетакрорлиги ва ҳоказо. Айниқса, Ўрта Осиёда деярли ўрганилмаган ва мавҳум бўлиб турган вулкан жинсларини таҳлил қилиниши бунга асосий сабаб бўлди (Т.Н.Долимов, А.А.Кустарникова, В.А.Арапов, 1966-1971). Бу янги ғоялар геологик амалиётга сингиб борган сари, уларнинг афзаллиги ва фандаги янгилиги аста-секин кўзга ташлана бошланди. Вулканизмни даврлаштириш, қадимги вулқонларни ва вулқон марказларини аниқлаш, бу жараёнларда ма'дандорликни ўрни ва бошқа геология соҳаси учун ўта долзарб муаммолар геология фанида бутунлай янги илмий-амалий йўналиш пойдеворини яратди.

Ҳ.Абдуллаев Тошкент политехника институти (ҳозирга Тошкент давлат техника университети) геология-разведка факул'тетида геология олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб «Петрология ва металлогения» кафедрасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Ҳабиб Муҳаммедович ҳукумат а'зоси, геолог олим сифатида фронт, фронт ичкарисини зарур ресурслар билан та'минлаш ва стратегик аҳамиятдаги қазилма бойликлар қидириш ҳамда уларни қазиб олиш, саноатга етказиб бериш каби улкан миқёсдаги ишларни амалга оширди.

Устоз, мураббий, геолог, олим Ҳ.Абдуллаев 1950 йилдан қисқагина умрининг охиригача минералогия жамияти Ўзбекистон бўлимини бошқарди. 1960 йилдан Франсия геология ва Буюк Британия Қироллик минералогия жамиятларининг а'зоси. Атоқли олимнинг танланган асарларидан 7 жилди нашр этилган (1964-1969). Бетакрор устоз, иқтидори билан бетакрор бўлган Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаевнинг ҳаёти ва илмий ҳамда жамоатчилик фаолияти ҳақида бир қанча олимлар муаллифлигида «Эсдаликлар» чиқарилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат геологияси ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Геология ва геофизика институтига ва Тошкент шаҳридаги катта кўчалардан ва маҳаллардан бирига, Улуғбек шаҳарчасида кўча ва бошқа об'эктларга Ҳабиб Абдуллаев номи берилган. Геология ва геофизика институти қошида Ҳ.Абдуллаев ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилинган.

Илмий-амалий семинар иштирокчилари академик Ҳ.Абдуллаевнинг бевосита илмий назарияси асосида очилган Лангар вол'фрам конига ташриф буюрдилар. Гап шунда-ки, Ҳабиб Муҳаммедович «Лангар вол'фрам кони геологияси ва генезиси» мавзусида номзодлик диссертасиясини ёқлаган. Кейинги йилларда у Ўзбекистондаги Лангар вол'фрам-молибден конининг геологик тузилиши, минерал таркиби ва ҳосил бўлишини тадқиқ қилган олим.

Лангар кони Жанубий Нурота тоғларининг Оқтов границимон массивининг ғарбий ва жанубий-ғарбий контакт зонасида жойлашган. Лангар кони скарнли-рудали конлар турига мансуб. Скарнларда вол'фрам ва волластонитдан ташқари, пироксен, гранат, эпидот, везувиан ва бошқа минераллар ҳам учрайди. 1959 йилдан бошлаб шеэлит-молибден кони сифатида фойдаланилган, кейинроқ рудали майдоннинг пегматитли жинсларидан дала шпати консентрати олинган. Бугунги кунда мазкур ҳудудда қазиб олиш ишлари вақтинча тўхтатилган, кон эса захирага олиб қўйилган.

Я'ни шуни та'кидлаш жоиз-ки, Ҳабиб Абдуллаев 1949 йили «Ўрта Осиё металлогенияси» очерклари тадқиқот тақдимотини э'лон қилган. Унда Ўзбекистон, умуман, Ўрта Осиё тоғларида темир, вол'фрам ва қалайнинг вужудга келиш шароитлари ва жойланиши муфассал баён этилган. Ушбу тадқиқот натижасида Лангар, Ингичка, Қўйтошдаги вол'фрам конлари, Тошқозғон графит кони очилган. Ҳ.Абдуллаевнинг иши пухта назарий ва амалий билим, исте'дод натижасида юзага келди ва шу боис Ўрта Осиёда 60дан ортиқ вол'фрам конларининг аниқланиши ва расмийлаштирилиши унинг иштирокида ўтди.

Таниқли олим, академик Ҳабиб Абдуллаев 49 ёшда бевақт оламдан кўз юмган ва Тошкент шаҳридаги Чиғатой қабристонига дафн қилинган.

1992 йилда Ўзбекистонда кўплаб хорижлик меҳмонлар иштирокида академик Ҳабиб Абдуллаевнинг 80 йиллиги кенг нишонланган эди. Ўшанда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг Фармонига мувофиқ, академик Ҳабиб Абдуллаев номидаги диплом ва олтин медал' та'сис этилган. Бир неча йиллар давомида олим илмий меросини ўрганган ва олий ўқув юртлари геология факул'тетлари а'лочи талабаларни тақдирлаш учун жамғарма ҳам ташкил этилган. Афсус-ки, кейинчалик жамғарма фаолияти тугатилиб, диплом ва академик медаллар бериш ҳам тўхтатилди.

Илмий-амалий семинар жараёнида иштирокчилар геология фанининг миллий ва халқаро миқёсдаги таниқли вакилларини Ҳ.М.Абдуллаев номидаги академик медаллар билан тақдирлашни қайта йўлга қўйиш ва унинг номидаги жамғарма фаолиятини тиклаш ва олий ўқув ютрларида иқтидорли ёш геологларга махсус стипендия та'сис этиш зарурлигини та'кидладилар.

Бундан ташқари, тадбирда иштирок этган олимлар, маҳалла оқсоқоллари ва Лангар МФЙ ма'мурияти маҳалла биносида бир хона ажратиб, Ҳ.М.Абдуллаев ҳаёти ва илмий фаолиятини ёшларга тарғиб қилиш мақсадида музей ташкил этиш ҳамда Лангар қўрғони ҳудудида геолог-қидирув ишларини ўтказиб, маҳаллий аҳолини иш билан та'минлаш имконини берадиган янги конлар очиш каби таклифларни муҳокама қилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш учун режалар тузиб олдилар.

Тадбир сўнгида ёш геолог-олимлар Ҳ.Абдуллаевнинг чоп этилган барча мақола ва монографиялари геология сохасини фундаментал фанига қўшган салмоқли ҳиссаси сезилиб турганини та'кидлаб ўтдилар. Ҳозирги кунда академикнинг илмий асарлари асосида Ўзбекистон Республикасининг илмий-тадқиқот институтлари етук олимлари ҳамда мутахассислари фойдаланмоқда. Шу билан бирга, геология ихтисослиги бўйича дарсликлар унинг илмий ишлари асосида тайёрланиб Республикамизнинг университетларида талабаларга ўқитилмоқда.

Ҳабиб Муҳамедович ма'лум магматик ёки металлогеник жараёнлар содир бўладиган муҳит учун муҳим рол ўйнашига алоҳида э'тибор қаратган. Олимнинг фикрича, у ўз ишида атроф-муҳитнинг ушбу жараёнлар ва натижаларга та'сири ҳақида аниқ далиллар билан жуда ишончли мисоллар келтирган.

Муаллиф ўз асарида келгуси авлод учун соҳамизда ўрганидаган фундаментал вазифалардан 10та асосийларни белгилаб берган. Айниқса гипабиссал, я'ни ер юзига яқин бўлган кичик интрузиялар ва дайкалар ма'данлашув билан генетик боғлиқлигини ўрганиш ўта муҳимлигини та'кидлаган. Ма'лумки, Республикамизда мавжуд барча эндоген конлар атрофида бир нечат дайкали камарлар мавжуд. Улар ма'данлашувни жойлашувини назорат қилади ва ўзлари ҳам ма'дан ҳосил бўлишда бевосита иштирок этади ва мураккаб тизимни ташкил қилади.

Геология ва геофизика институтидан ташриф буюрган меҳмон Х.Д.Ишбаев бу тадбир ўз вақтида ташкил қилинганлигини, бу тадбир жорий йилнинг 17-18 ноябр кунларида ўтказилаётган “Геология, геофизика, петрология ва ма'дан ҳосил бўлишининг долзарб муаммолари” Республика миқсидаги илмий-амалий анжуман дебочаси бўлганлигини та'кидлади.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими