2023 йилнинг 3 май куни Нурота туманидаги Фанлар академияси Навоий бўлимининг тажриба дала участкасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташкил топганлигининг 80 йиллик юбилейига бағишланган “Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари томонидан яратилган сув тежамкор технологияларни қишлоқ хўжалиги экинларида қўллашшнинг истиқболлари” мавзусида Бўлимнинг илмий-амалий семинар-тренинги бўлиб ўтди. Унда Бўлим раҳбарияти, илмий ходимлари ва докторантлари, шунингдек, маҳаллий қишлоқ хўжалиги йўналишдаги ташкилотлари мутахассислари ҳамда кўп йиллик тажрибага эга фермерлар иштирок этдилар.

Навоий бўлими раиси А.Мирзаев семинар иштирокчиларига Бўлим фаолияти тўғрисида умумий ма'лумот бериб ўтди. Бўлим мудирлари Ў.Хакимов ва Ш.Қодировалар Бўлим олимлари томонидан бентонит асосида ишлаб чиқилган сув тежамкор технологиялар тўғрисида ма'рузалар ўқидилар. Булар қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини бентонит гили кукуни билан қобиқлаб экиш ҳамда ўсимликларни баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг 2-фоизлик суспензиясидан фойдаланиш усулларидир. Мазкур ишланмалар дала синовларида ўз самарадорлигини кўрсатди.

Бентонитнинг сорбсион хоссалари, я'ни намликни ўзига сингдириш ва ушлаб туриш қобилияти уруғларнинг стресссиз униб чиқишини ва уларнинг барқарор ўсишини та'минлайди, ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Ушбу ишланмаларни ўтган йилларда қўллаш ўртача 15 фоизгача қўшимча пахта ҳосилини олиш имконини берди. Ушбу инновацион услублар буғдойнинг “Дурдона” навида синалганда гектаридан 31,6 фоизгача қўшимча ҳосил олишга эришилди. Бундан ташқари, 2022 йилда Навоий бўлими меморандум имзолаган Нурота тумани “Умрбек” фермер хўжалигининг 10 гектар суғорилмайдиган лалми ерларида Бўлимнинг сув тежамкор инновацион технологияларини жорий этган ҳолда ҳар бир гектардан 6,8 ўрнига 16 сентнер буғдой ҳосили йиғиб олинди, я'ни ҳосилдорлик деярли 2,5 бараварга ошди.

Ма'рузачилар ушбу натижалар асосида Навоий бўлими илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга янгича ёндашганини та'кидладилар. Юқорида қайд этилган инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда суғорилмайдиган лалми ерларда буғдой етиштиришни ташкил этиш бўйича ташаббускор гуруҳ тузилди. Бўлимнинг илмий ходимлари ташаббускор гуруҳга шахсий маблағлари билан улуш асосида кирдилар.
Жорий йилнинг феврал ойида 56 гектар лалми ерга буғдой экилди. Семинар иштирокчилари юқорида айтиб ўтилган инновацион технологиялар қўлланилган ҳолда ғалла экинлари экилган майдон ва ишлов берилмаган назорат майдон ўртасидаги фарқни ўз кўзлари билан кўриш имконятига эга бўлдилар. Тажрибали фермерларнинг башоратларига кўра, бу ерда гектаридан 20-25 сентнер ҳосил олиш мумкин бўлади. Ижобий натижани кўриб, иштирокчилар жорий йилнинг кузида кузги буғдой экишда Бўлим олимлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Та'кидлаш жоизки, бу ерда Фанлар академиясининг бошқа илмий-тадқиқот муассасалари, хусусан, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, Микробиология институти ҳамда Умумий ва ноорганика кимё институти томонидан яратилган ўсимликлар ўсиши стимуляторлари ҳам синовдан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, Бўлим илмий ходимларининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган технологиялар нўхат, тарвуз ва бошқа экинларда синовдан ўтказилмоқда.
Тайёр маҳсулотни сотишдан олинган фойда иштирокчиларнинг улушига қараб тақсимланади. Шунингдек, маблағларнинг бир қисми Навоий бўлимида тузилаётган уруғчилик фондига ҳам ўтказилади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.