+998 79 223 42 15

Қадимий Хивада илмий анжуман ва ишланмалар кўргазмаси

3 дақиқа 2 620 кўришлар

2023 йилнинг 18-19 май кунлари қадимий Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Хоразм Ма'мун академияси, Қорақалпоғистон ва Навоий ҳудудий бўлимларининг анжумани ва илмий ишланмалари кўргазмаси ўтказилди. Мазкур йирик тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган бўлиб, Хоразм Ма'мун академияси биносида бўлиб ўтди. Унда ФА Навоий бўлими олимлари ҳамда таянч докторантлари фаол иштирок этдилар. Ўз ишланмалари билан Фанлар академиясининг бир қатор илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари ҳам қатнашдилар.

Кўргазмада Навоий бўлимнинг нома'дан фойдали қазилмаларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва педагогика соҳаларидаги ишланмалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Хоразм вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамда Хива шаҳри ҳокими Навоий бўлими олимлари томонидан ишлаб чиқилган ва республикамизнинг бир қатор вилоятларда дала синовларидан ўтказилган лалми ва шўрланган тупроқли ерларда ҳам ҳосилдорликни кўпайтиришга имкон берадиган чигит ва буғдой уруғини бентонит гили кукуни билан қобиқлаш экиш ҳамда ўсимликларни баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг 2-фоизлик суспензиясидан фойдаланиш усулларини Хоразм вилоятида ҳам тажрибадан ўтказиш ва маҳаллий фермерлар ўртасида тарғибот ишларини олиб боришни таклиф қилдилар. Навоий бўлим раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳамкорликка тайёр эканликларини та'кидладилар.

Бундан ташқари, кўргазмада Навоий бўлими томонидан юқорида қайд этилган ишланмалардан ташқари, Вауш конидан (Навоий вилояти Навбаҳор тумани) олинган нома'дан фойдали қазилмалар – қурилиш эҳтиёжлари учун бойитилган кварс қуми ва бентонит гиллари, доломитдан олинган магнезит, шунингдек, Тошқазган кони (Бухоро вилояти) бойитилган графитидан олинган ҳамда Тебинбулоқ кони (Қорақалпоғистон Республикаси) вермикулитдан тайёрланган ва бошқа тайёр маҳсулотлар тақдим этилди.

Биринчи куни Фанлар академияси ҳудудий бўлимларининг анжумани ялпи мажлисида Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев ўз ма'рузаси билан иштирок этди. Унда у Навоий бўлими муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2017 йилда ташкил этилиши вилоят учун ниҳоятда катта илмий аҳамиятга эга бўлган воқеа бўлганини та'кидлаб, ўтган йиллар мобайнида Бўлим томонидан бажарилган ишлар билан иштирокчиларни таништирди.

19 май куни Ёш олимлар анжумани бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Бехзод Юлдашев очиб бериб, сўнгги йилларда Юртбошимиз ташаббуси билан республикада илм-фан ва та'лим соҳасида юз бераётган ўзгаришлар, олимлар ва ўқитувчиларга, ҳусусан, уларни моддий рағбатлантиришга, самарали фаолият олиб бориш учун шарт шароитларни яхшилашга ва жамоатчилик ўртасида нуфузини оширишга йўналтирилган са'й-ҳаракатлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, илм-фанга ўзини бағишлашга қарор қилган ёшлар олдида барча эшиклар очилганини, фақат мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдириш зарурлигини та'кидладилар.

Анжуманда Навоий бўлими таянч докторанти Миржалол Тухтамишев “Наслдор қоракўл қўчқорларини генодиагностик баҳолаш усуллари” номли ма'рузаси билан қатнашди. У Ўзбекистонда мазкур илмий тадқиқот олиб бориш учун биринчи бор ФА Навоий бўлимида махсус лаборатория ташкил этилганини та'кидлаб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб берди.

Бунда ташқари, анжуман доирасида Фанлар академияси Навоий бўлим бир қатор ташкилот ва илмий-тадқиқот институтлари билан келишувлар имзолади. Жумладан, Навоий бўлими ҳамда Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ва мазкур бўлимнинг Қорақалпоқ Табиий фанлар илмий тадқиқот институти билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган ҳудудларда ўтказаладиган кейинги тадбир Самарқанд шаҳрида кузга режалаштирилмоқда.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими