+998 79 223 42 15

Павловния кўчатлари етказилди

2 дақиқа 2 863 кўришлар

2021-йилнинг декабр ойи ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг Нурота тумани лалми ерларида павловния плантасиясини яратиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеойиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Болгария, Хитой ва Россиялик иштирокчилар иккита плантасия яратишга келишиб олдилар. Улардан бирида Европа технологияси, иккинчисида - Хитой технологияси бўйича дарахтлар етиштирилади.

Ўтган кунларда Болгариядан 2 минг дона павловния дарахти қаламчалари ва 1 минг дона кўчатлари етиб келди. Улар Болгариянинг “Paulownia БГ” Мчж томонидан бепул юборилди, шу жумладан, транспорт харажатлари ҳам қопланди. Улар Европанинг ушбу давлатида зарур фитосанитар зарарлантириш жараёнидан ўтказилиб, Тошкентга етказилди. Ўзбекистон пойтахтидан эса махсус транспортда Нурота туманидаги “Умрбек” фермер хўжалигининг махсус жиҳозланган омборхонасига кўчатлар муддатдан аввал кўкариб кетишини олдини олиш мақсадида қоронғу паст ҳароратли ерда сақлаш учун етказилди. Шунингдек, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан мазкур бинода фумигасиялаш жараёни ўтказилди.

11-мартдан 13-мартгача “Paulownia БГ” Мчж бош менеджери Джан Дуралов ерни жойида кўздан кечириш ва ўзи ишлаб чиққан қаламчалар ва кўчат экиш технологиясини шахсан кўрсатиш мақсадида Навоийга келди. Бир гектар майдонда павловния плантасияси яратиш режалаштирилган бўлиб, яна 15 сотих ер кўчатхона учун ажратилади.

Шу кунларда ёмғир ёғиб, дала ишларини ўтказиш имкони бўлмади. Бироқ Дж.Дуралов кичик майдонга бир нечта қаламчалар экиб, қандай шартларга риоя қилиш кераклигини айтиб ўтди. Бутун плантасия бўйлаб видеокамералар ўрнатилиши кутилмоқда, бу эса дарахтларнинг ўсишини онлайн кузатиш ва зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш имконини беради. Дж.Дуралов онлайн тарзда маслаҳат бериши, зарур бўлса, шахсан келиб жараёнда иштирок этиши мумкин бўлади. Кўчатларни экиш баҳорги байрамлардан сўнг режалаштирилди.

Келажакда Нурота полигонида тажриба тариқасида майдонининг бир қисмида ёқилғи брикетлари олиш мақсадида павловния дарахтлари экилади, иккинчисида – баргларидан чорвачиликка ем-хашак олиш учун, учинчиси - кўчатзор учун ажратилади, асосий майдони эса - ёғоч олиш учун. Шунга кўра, келгусида плантасия яқинида тегишли сехлар барпо этилади ва буларнинг барчаси биргаликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кластерига асос бўлади.

Ижобий натижалар тажрибани Ўзбекистон бўйлаб тарқатиш имконини беради, ёш тадқиқотчилар эса паловниянинг мамлакатимиз агроиқлим шароитларига мослашуви бўйича илмий иши учун ма'лумотлар олишлари мумкин бўлади. Бўлимнинг кичик илмий ходимларидан бири Собит Адилов диссертасиясини тайёрлаш учун ушбу мавзуни танлади.

Шуни та'кидлаш жоиз-ки, юқорида айтиб ўтилган видеоучрашув давомида Ўзбекистонлик ёшларни хорижда амалиёт ўташ имкониятлари муҳокама қилинган эди. Жумладан, Ўзбекистондан саккиз кишини олти ой муддатга Болгариянинг “Paulownia БГ” Мчжга қарашли павловния плантасияларида ишлаб ўрганиш учун юбориш режалаштирилган. Шу билан бирга, транспорт, турар жой ва яшаш харажатлари, шунингдек, тиббий суғурта Болгария томонидан қопланиши кутилмоқда. Ишга юборилганлар ўз иши учун муносиб маош оладилар ва уни тўғридан-тўғри оилаларига юбориш имкониятига эга бўладилар. Энг муҳими, улар замонавий агротехнологиялардан фойдаланган ҳолда билим ва кўникмаларга эга бўлиб, Ўзбекистонда Нурота вилоятида плантасиялар яратиш бўйича мутахассис сифатида ишлашда давом этадилар. Номзодлар суҳбатдан ўтган бўлиб, ҳозир ҳукуматлараро даражада мувофиқлаштириш ва зарур рухсатномалар, хусусан, визалар олиш жараёни давом этмоқда.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими