+998 79 223 42 15

Халқ билан очиқ мулоқот

3 дақиқа 4 327 кўришлар

Ма'лумки, 2019-йил 22-декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди. Ўзбекистон экологик партияси томонидан Фанлар Академияси Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаэв вилоят Кенгашига депутатликка номзод қилиб кўрсатилди ва ўз сайлов округида кўп овоз тўплагач, ишончли ғалаба қозонди. Халқнинг муаммоларини тинглаш, ўзининг таклифлари билан ўртоқлашиш мақсадида А.Мирзаэв Нурота туманидаги бир нечта маҳалла аҳолиси билан учрашди.

Хусусан, "Жарма", "Қадоқ", "Янги турмуш" ва "Чўя" маҳалла фуқаролар йиғинларида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Маҳаллалар аҳолиси асосан электр та'миноти, банкларда кредит бериш, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик, суғориш учун сув ва Интернетнинг йўқлиги, йўллар ва уяли алоқанинг сифати ёмонлиги, болалар боғчалари ва мактабларда синфларнинг етишмаслиги, шу жумладан қўшимча машғулотлар юзасидан шикоятлар билдиришди. Шу билан бирга, "Қадоқ" МФЙ сида тоғ олди ҳудудларининг бир қисми ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ма'лум экинларни экиш учун ажратилганлиги, бу эса маҳаллий аҳолининг чорва молларини ўтлатиш учун ноқулайлик туғдиришига э'тибор қаратилди. "Янги турмуш" Мфйда жойлашган касб-ҳунар коллежини умумта'лим мактабига айлантирилиши сабабли махсус фан ўқитувчиларининг бир қисми ишсиз қолганлиги, қабристонлардан бири Самарқанд вилоятига тегишли бўлиб, маҳаллий ҳокимият органлари ва ваколатли муассасалар томонидан ободонлаштириш ишлари узоқ вақт давомида амалга оширилмаганлиги тўғрисида айтиб ўтишди.

"Чуя" маҳалласида "Обод қишлоқ" давлат дастурининг амалга оширилиши туфайли ҳудуд кескин ўзгарган ва нисбатан кам муаммолар мавжудлиги та'кидланди. Маҳалла аҳолиси сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш мақсадида ўтган асрнинг 90-йилларида лойиҳа тадқиқотлари олиб борилган тоғлар орасидаги “Дарасой” дарасида сув омборини қуриш таклифи билан чиқишди, шунингдек у ерларда экотуризмни ривожлантириш мумкинлиги, у ерларнинг ўзига хос табиий гўзаллиги ва тоза ҳавоси билан кишини ўзига тортиши айтиб ўтилди.

А.Мирзаэв маҳаллий аҳолини диққат билан тинглаб, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиши, тегишли идораларга депутатлик сўровларини юбориши ва вазиятни ўз назоратига олишини ва'да қилди. Шу билан бирга, у сўровларнинг аксарияти туман ва вилоят даражасида ҳал қилиниши мумкинлигини, аммо ба'зиларини республика даражасига кўтаришни талаб этишини тушунтирди. Ушбу масалаларни тегишли давлат дастурларига киритиш ҳам бир ечим бўлиши мумкинлигини та'кидлади.

Бундан ташқари, А.Мирзаэв иштирокчиларни ҳаёт даражаларини ўзлари ҳам яхшилашлари учун чоралар кўришга чақирди. Хусусан, томорқа ерларининг имкониятларидан максимал даражада фойдаланиш мақсадида, дори воситалари ишлаб чиқаришда талаб юқори бўлган мойчечак, тирноқгул, амарант, на'матак каби доривор ўсимликларни етиштиришларини таклиф қилди. Улардан дастлабки учтасининг уруғлари ва ўсимликлар тўғрисида ма'лумотлар берилган буклетлар депутат томонидан бепул тарқатилди ҳамда агротехник тадбирлар бўйича маслаҳатлар бўлим илмий ходимлари томонидан тақдим етилишини, етиштирилган ҳосил эса тўлиқ харид қилинишини кафолатлади. Ушбу амаллар банд бўлмаган ёшлар ва ишсиз аёлларни тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб қилиш имконини беради. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасига томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш тавсия этилди ва бунда фермерлар давлат субсидияларига таяниши мумкинлигини ҳамда илмий ёндашув қўлланилаётган ҳар қандай иш ижобий натижа бериши кафолатланганлигини та'кидлади.

Ҳар бир учрашув якунига етгач, маҳалла аҳли муаммоларни баҳам кўриш имконияти яратилганлиги учун депутатга миннатдорчилик билдириб, бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказиш ҳақида ўз тилакларини билдиришди.

Февзи ИСТАБЛАЭВ,

Бўлим матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими