Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими томонидан “Умумий минералогия” номли янги ўқув қўлланма тайёрланди ва чоп этилди. Китоб муаллифлари - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси, геология-минералогия фанлари доктори А.У.Мирзаев ва докторанти Ш.Ф.Шарипов ҳамда Навоий давлат кончилик институти “Ноёб ва радиоактив металл рудаларини қазиш ва қайта ишлаш” кафедраси ассистенти Б.Х.Нуртаевлар.

Шуни та'кидлаш жоизки, ҳозирги кунга қадар минералогия соҳасида ягона қўлланма бўлган А.Г.Бетехтиннинг “Минералогия курси” 1969 йилда ўзбек тилига таржима қилинган, аммо унда соҳадаги кейинги 50 йиллик янги ма'лумотлар мавжуд эмас эди. Юқоридаги вазиятни бартараф этиш мақсадида муаллифлар ушбу ўқув қўлланмани тайёрлашга киришди.
Ўқув қўлланма олий ўқув юртларининг геология, фойдали қазилма конлар геологияси ва разведкаси, нефт-газ конлари, кимё-технология, кон металлургияси ва бошқа ихтисосликлар бўйича кундузги бўлимларида та'лим олаётган талабалар учун ёрдам сифатида ёзилган. Шу билан бирга, талабалар учун минералларнинг диагностик белгилари ҳамда минералларнинг физик-кимёвий хусусиятлари ҳақида сўз юритилган. Булардан ташқари, ушбу курснинг назарий қисмида ер қобиғидаги минерал ҳосил қилувчи жараёнлар қисқача та'рифланган.
Китоб 196 бетдан иборат. Уни электрон шаклда Фанлар академияси Навоий бўлимининг расмий телеграм-каналига обуна бўлиб, https://t.me/academynav ҳаволаси орқали юклаб олиш мумкин.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.