+998 79 223 42 15

Мақсад – илмий ишланмаларни тижоратлаштириш

2 дақиқа 3 621 кўришлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан илмий ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тижоратлаштиришга таклиф этилаётган лойиҳалари ўртасида инновацион кўргазма 16 сентябр куни Тошкентда ўз фаолиятини бошлади. Иштирокчиларнинг ичида Фанлар академияси Навоий бўлими ҳам бор.

Тадбирда Бўлим меҳмонларга қуйидаги лойиҳаларни намойиш этди. Бентонит гилларидан фойдаланиб қобиқланган чигит уруғларини ишлаб чиқариш ва пахтачиликда жорий қилиш. Бентонитли суспензия билан ғўзани баргидан озиқлантиришга қаратилган илмий-тажриба ишлари. Чўл чорвачилик ва ўсимликшунослик селексион тизимини такомиллаштириш. Адир ерларда кишмиш, ток ўсимлигини томчилатиб суғориш услубида етиштиришнинг истиқболлари.

Шуни та'кидлаш жоизки, Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари томонидан 2018 йилдан бошлаб, бентонит гилларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишнинг инновацион усуллари ишлаб чиқилиб, ғаллачиликда, пахтада ва сабзавот экинларида кенг қўлланиб келинмоқда. Бунда, олимларимиз буғдой уруғларини ва пахта чигитини бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экилиши ҳисобига, ўсимликларнинг сувга бўлган талаби, тупроқдаги намликни бентонит гилларининг сорбентлик хусусияти натижасида ўзига жамлаши ҳисобига қониқтирилиши оқибатида "стресс"сиз кўкариб чиқиши, ниҳолнинг бақувват бўлиб ўсиши ҳамда ҳосилдорликнинг 10-15 фоизга ошишини республикамизнинг турли вилоятлари экин майдонларида ўтказилган тажриба-синовлари билан исботладилар. 2019 йили мазкур тажриба-синовлари 500 гектар пахта ва ғалла ер майдонларида амалга оширилган бўлса, бу кўрсатгич 2020 йилда тўрт баробарга ошди.

Навоий бўлими олимлари яна бир инновацион усул сифатида экинларни баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг 2-фоизлик суспензиясидан фойдаланиш ҳам ҳосилдорликнинг 15-20 фоизга ошишини тажриба-синовларда исботладилар. Бунда, бентонит суспензиясидан тайёрланган суюқликнинг барг устида ҳосил қиладиган юпқа қобиқ ўсимликдаги микрокапиллярлардан сув заррачаларининг парланишига тўсқинлик қилиши, ўғитнинг максимал ўзлаштирилишига ҳамда ўсимликнинг сувга бўлган талабини кундузи ва кечаси ўртасидаги температура тафовути ҳисобидан ҳосил бўладиган шудринг кўринишидаги атмосферадаги сув заррачаларининг бентонит орқали баргга сингдирилишига имкон бериши ҳисобига самарали эканлиги кузатилди.

Учунчи лойиҳани эса ФА Навоий бўлимига қарашли “Қизилқум” илмий-тадқиқот тажриба стансияси” ДУК негизида бажариш кўзда тутилган. Жорий йилнинг бошида Бўлим, ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб, 20 гектар ер майдонига чўл-яйлов озуқа ўсимликлари уруғчилигини ташкил этиш мақсадида саксовул, изен, житняк каби ўсимликларини экдилар. Улар қоракўлчиликда ем сифатида ишлатилиши мумкин бўлади.

Бўлим томонидан Нурота туманида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш орқали 10 гектар лалми ерда узумзор яратишга қаратилган амалий лойиҳа истиқболли эканлиги илмий асосланди.

Лойиҳаларни манфаатдор ташкилотлар вакиллари стендлар олдига келиб, ўрганишаяпти, Бўлим ходимлари уларни қизиқтирган саволларига жавоб беришаяпти. Кўргазма 18 сетябргача давом этади.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими