2023 йилининг 12-14 декабр кунлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллиги кенг нишлонланди. Ушбу юбилей санага бағишланган бир қатор тантанали, илмий ва оммавий тадбирлар Тошкент шаҳрида ўтказилди. Унда ФА Навоий бўлими раҳбарияти ва илмий ходимлари фаол иштирок этдилар.
Жумладан, 12 декабрида Фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбирининг тантанали маросими “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди. Бунда тадбир иштирокчилари саройнинг фоесида Фанинг ҳудудий бўлимлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг инновацион ишланмалари кўргазмаси билан танишдилар.

Сўнгра катта залда бўлиб ўтган тантанали тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг академия жамоасига табригини ўқиб эшиттирилди.
Табрик орқали давлатимиз раҳбари заҳматкаш олим ва академиклар, иқтидорли тадқиқотчилар, докторант ҳамда аспирантлар, юртимиздаги барча илмий ходимларини ушбу қутлуғ кун билан қутлаб, энг эзгу тилакларини билдирди.
Қутловда ғоят мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтган академия юртимизда юзлаб атоқли олим ва академикларни тарбиялаб, илм-фан соҳалари бўйича нуфузли илмий мактаблар яратишга катта ҳисса қўшгани миннатдорлик билан та'кидланган.
Юртимиздаги барча олим ва тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун бундан буён ҳам зарур куч ва имкониятлар ишга солиниши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Бехзод Юлдашев сўзга чиқиб, Иккинчи жаҳон уруши авжи қизиган кезларда 1943 йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистон Фанлар академиясининг барпо этилиши минг йилликларга даҳлдор ўзбек илм-фанида янги бир даврнинг бошланиши бўлганини, саксон йил мобайнида Фанлар академияси, катта ва мураккаб йўлни босиб ўтганини, ва шу давр мобайнида Фанлар академияси, умум э'тироф этган, жаҳон илмий жамоатчилигининг нуфузи ҳамда ҳурматини қозонган илм-фан марказига айланганини та'кидлади. Шунингдек, Б.Юлдашев Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангандан сўнг, 2017 йилдан кейин академиянинг иккинчи ҳаёти бошланганига алоҳида урғу берди. Жумладан, бир қатор илмий-тадқиқот институтлари қайта очилиб Фанлар академияси таркибига қайтарилганини, уларнинг моддий-техника базаси янгиланганини, олимларнинг маошлари сезиларли оширилганини та'кидлади. Натижада олимнинг нуфузи халқнинг кўзида ошганини, жуда кўп кашфиётлар қилинганини, охирги 5-6 йил ичида академияда ёш тадқиқотчилар кўпайгани, ҳатто айрим институтларда докторантурага кириш учун 1та ўринга 12 нафаргача нозмод тўғри келганини айтиб ўтди.
Тадбирга 15га яқин хорижий, шу жумладан Марказий Осиё давлатларининг, Россия, Хитой, Монголия, Туркия, Озарбайжон ва Белорусия фанлар академияларининг президент ва висе-президентлари ҳамда олимлари ташриф буюриб, ўз табрик сўзлари билан Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбарияти ва олимарини қутладилар.
13 ва 14 декабр кунлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси биносида “Илм-фан – Янги Ўзбекистоннинг пойдевори” номли халқаро коференсия ўтказилди. Ялпи мажлисда Ақш, Хитой, Россия, шу жумладан, Татаристон ҳамда Монголия, Белорусия, Туркия, Грузия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон ва бошқа давлатлардан келган халқаро миқиёсдаги йирик олимлар, ўзбек илм-фани дарғалари, академиклар, турли соҳаларнинг етук мутахассислари иштирок этдилар.

Шу'баларда эса ФА Навоий бўлими таркибий бўлим мудири Шерзод Шарипов ва катта илмий ходими Февзи Истаблаэвлар ўз ма'рузалари билан қатнашиб, Навоий бўлимида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва эришган ютуқлари билан иштирокчиларни таништирдилар.
Конференсия илмий жиҳатдан савол-жавобларга бой бўлиб, Ўзбекистон ва ҳорижий илмий муассасалар олимлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ФА Навоий Бўлими матбуот хизмати.