+998 79 223 42 15

Фанлар академияси Навоий бўлими олимларининг Нурота туманидаги хайрли ташаббуси

2 дақиқа 4 349 кўришлар

Ма'лумки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёэв 2018 йилнинг 2 мартидаги Навоий вилоятига ташрифи доирасида Хатирчи туманида ўтказилган вилоят фаоллари йиғилишида Фанлар академияси Навоий бўлими илмий фаолиятида ҳар бир соҳага илм олиб киритиш, айниқса қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиш, қишлоқ жойларда яшовчи аҳолининг томорқаларидан унумли фойдаланишга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқиш бўлим олимларининг устивор вазифаларидан бири эканлигини алоҳида та'кидлаган эдилар.

Ўзбекистон Республикаси экологик партиясидан Нурота тумани 59-Чуя сайлов округидан Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши депутатлигига сайланган, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси А.У.Мирзаэв ўзининг сайлов олди дастурида қишлоқларда яшаётган ишсиз ёшлар ва аёлларнинг бандлигини та'минлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими томонидан доривор ўсимликларни қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли томорқаларида етиштиришни ташкиллаштириш, қишлоқ аёллари ва муайян иш билан банд бўлмаган ёшларни бизнес кўникмаларига ўргатишни режалаштирган эди.

Ушбу ташаббус Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг учинчи кенгайтирилган сессиясида ҳам қўллаб-қувватланди. Жорий йилнинг 16-20 март кунларида Навоий бўлими ёш олимлари қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ў.Т.Ҳакимов бошчилигида, Ўзбекистон экологик партияси Навоий вилоят кенгаши ҳамкорлигида Нурота туманининг Янгибино, Хайрабод, Оққула, Бурлибой, Жарма, Сойкечар, Қорақум, Папанай, Жилонтамғали, Чуя, Мушкан ва Қадоқ қишлоқларида доривор ўсимликларни ҳар бир қишлоқда 3-4 хонадонда экиб кўрсатиб, қишлоқлар ёшларига ва аёлларига доривор ўсимликларни экиш, парваришлаш тартиби тўғрисида тушунчалар беришди ва бу бўйича қўлланмалар тарқатишди.

Бунда доривор ўсимликлар: тирноқгул (календула), мойчечак (ромашка) уруғлари хонадонларга бепул тарқатилиб, кузда етиштирилган ҳосилни, я'ни экилган ўсимликнинг сояда қуритилган гулларини тирноқгулнинг ҳар килосига 22000 сўм ва мойчечакнинг ҳар килосига 35000 сўмдан Навоий бўлими томонидан сотиб олиниши кўзда тутилган Бўлим ҳамда етиштирувчи фуқаро ўртасида икки томонлама шартномалар тузилди.

Бундан ташқари Навоий бўлими олимлари шартнома асосида экилган доривор ўсимликларни ўсиш жараёнини жойларга чиқиб, ҳар ойда камида 1-2 марта илмий кузатувини олиб боришади ва зарур бўлганда тавсиялар беришади.

Албатта, Навоий бўлими олимларининг бу са'й-ҳаракатлари озгина бўлсада қишлоқ жойларда яшовчи аҳолининг томорқаларидан даромад олиш имкониятини яратиш билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги 205-сонли “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросининг фаол механизми сифатида қишлоқ аёлларини ва доимий иш билан банд бўлмаган ёшларини фойдали меҳнатга ўргатиш орқали томорқанинг реал даромад манбаи эканлигини аҳолининг онгига сингдиришга, уларда боқимандалик қусуридан воз кечишга, бизнес кўникмалар ҳосил бўлишига туртки бўлади.

Энг асосийси биринчи қадам ташланди, эндиги ҳаракат ушбу етиштирилган доривор ўсимликларни, хом-ашё ҳолида эмас, балки тайёр маҳсулот холигача етказиб, замонавий қадоқланган ҳолда исте'молчига сотишдир, албатта тозаланган, қайта ишланган, қадоқланган маҳсулотнинг сотилиш нархи 8-10 баробар юқори бўлади. Бунда тадбиркорларимиз билан давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида етиштирилган доривор ўсимликларни, тозаланган қадоқланган ҳолга келтириш, я'ни қайта ишлаш ҳамкорликда ташкил этилиши керак, бу эса доривор ўсимликни ўз томорқасида етиштирган қишлоқ фуқаросининг даромадини бир неча баробар кўпроқ бўлишига олиб келади. Навоий бўлими олимлари ушбу савобли ишни амалга оширишда Вилоятимиздаги тадбиркорларни ҳамкорликка чақиради.

ФА Навоий бўлими

матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими